Жорий йилнинг 5 сентябрь куни ижтимоий тармоқларда Нуробод туманидаги 1-сон умумий ўрта таълим мактабида мактаб ўқувчилари ва уларнинг ота-оналарига қўпол равишда мактаб дарсликлари ва машқ дафтарлари тарқатилганлиги акс этган видео тарқалди.
Нуробод тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати хабар беришича, ҳолатни ўрганиш бўйича туман халқ таълими бўлими томонидан ишчи гуруҳ тузилиб, ўрганиш ишлари олиб борилган.
«Ўрганишлар давомида тумандаги 1-сон умумий ўрта таълим мактабининг 4-синф раҳбари Ғ. Ш. синф ўқувчиларига мактаб дарсликлари ва машқ дафтарларини қўпол тарзда, ўқитувчи этикаси ва одоб-ахлоқ қоидаларига зид равишда, синфдан ташқари ҳолатда тарқатганлиги маълум бўлди.
Ўқитувчига хос бўлмаган хислатда хатти-ҳаракат қилганлиги сабабли Ш.Ғ. билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди.
Мактаб дарсликлари ва машқ дафтарларини тарқатилиш жараёнини назоратга олмаганли ва масъулиятсизликка йўл қўйганлиги сабабли мактаб директори Э.Ҳ. эгаллаб турган лавозимидан озод қилинганлигини маълум қиламиз», дейилади хабарда.