Фойдаланилмаётган объектларга нисбатан оширилган солиқлар натижасида ҳосил бўлган қарзлар ҳисобдан чиқарилди
“Таъсирчан солиқ механизмини қўллаш натижасида ҳосил бўлган солиқ қарзини ҳисобдан чиқариш тўғрисида”ги Президент фармони (ПФ–218-сон, 09.09.2022 й.) қабул қилинди.
Фармонга кўра, фойдаланилмаётган объектлар мулкдорларига нисбатан оширилган ставкаларда қўлланилган таъсирчан солиқ механизми натижасида ҳосил бўлган мол-мулк солиғи ва ер солиғи бўйича:
▫️мавжуд солиқ қарзи ҳисобдан чиқарилади;
▫️солиқ қарзини ундириш билан боғлиқ суд ва ижро ишлари тугатилади.
2022 йил 1 июлдан мазкур Фармон кучга киргунга қадар бўлган даврда таъсирчан солиқ механизмини қўллаш натижасида ундирилган солиқ келгуси тўловлар ҳисобига мулкдорларга қайтарилади.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йил 1 июлдан бўш турган бинолар, фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари, яшаш учун мўлжалланмаган иншоотлар, тугалланмаган қурилиш объектларига ҳамда ушбу объектлар билан банд н ерга мол-мулк солиғи ва ер солиғининг оширилган ставкаларини қўллаш, солиқ имтиёзлари ва преференцияларнинг амал қилишини тўхтатиш тартиби бекор қилинган.