Дарслик яратиш – амалда тизимли жараён (ми?)

Бугун дарсликлар ҳақида бўлаётган гап-сўзлар асоссиз эмас. Дарсликларнинг яратилиш жараёнида ҳам қатор муаммолар борки, бу муаммоларнинг ечимисиз сифатли ва давр талабларига мос дарсликлар яратиш мумкин эмас. Дарсликларда ўтмиш ва хорижнинг илғор тажрибалари омихталашиши керак. Улардан биттаси бўлмаса ҳам, миллий дарслик бўлмайди.

Дарслик фаннинг қайси соҳаси бўйича тузилаётган бўлса, мазмуни шу фаннинг ўрганиш объектидан узилиб кетиши мумкин эмас. Масалан, бугунги кунда грамматикадан қочиш, нутқ ўстиришга устуворлик бериш талаби қўйилаётган “Она тили” дарсликларида адабий тил меъёрларини акс эттирган тил билимларидан узилиш ҳолатлари кўзга ташланмоқда. Тўғри, “Она тили” тилшунослик эмас, аммо ундан холи бўлиши ҳам мумкин эмас. “Грамматика” (оғзаки ва ёзма нутқ учун зарур умумий грамматик қонуниятлар) ва “грамматизм” (грамматикага ружу қўйиш, “Она тили” предметини тилшунослик фанига айлантириб юбориш)ни фарқлаш керак. Грамматик билимлар силсиласида меъёр сақланиши лозим.

Бачканалик бўлса ҳам, айтиш жоиз, дарсликлар шон-шуҳрат воситасига ҳам айланиб бормоқда. Шунинг учун Вазирлик дарсликни муаллифларга меҳнат ҳақини тўлаб ёздириб олгач ўзининг номидан чоп этиши керак. Дарсликда муаллифнинг исми-шарифи қайд этилиши мақсадга мувофиқ эмас.   Муаллифнинг фамилиялари ички ҳужжатларда акс этса, етарли. 

Дарслик таълим олувчининг янги материални ўрганиши ва ўзлаштириши учун ёш ва физиологик хусусиятларига мос равишда қурилади. Жаҳон тажрибасида дарслик тегишли компетенция ва тажрибага эга (юқори тоифали ўқитувчилар, олимлар) мутахассислар томонидан ишлаб чиқилади. У – йиллар давом этиши керак бўлган мураккаб ижодий жараён. Шошма-шошарлик билан дарслик ёзиб бўлмайди. Дарслик қанча тез ёзилса, умри шунча қисқа бўлади.

Дарслик яратиш қуйидаги қатъий босқичлардан ўтиши лозим:

  1. Қонуний асосларини яратиш. Бунда дастлаб дарслик яратиш бўйича барча “икир-чикир”ларгача қамраб олган Низом бўлиши лозим. Унда дарсликка қўйиладиган “қаттиқ” талаблар ўз ифодасини топиши керак. Зотан, мактаб дарслиги – ўқувчининг дунёқарашини, унда миллий мафкура ва маънавиятни шакллантирувчи асосий восита. Бугунги кунда амалдаги дарслик муаллифларига бундай талаблар бегона. Шу боисдан мамлакатимизда яратилаётган дарсликларда муаллифларнинг нуқтаи назарлари устуворлашиб кетмоқда. Бу эса ўз-ўзидан норозиликларни келтириб чиқараётир.

2. Ижодий шароит яратиш. Дарсликларни асосий ишдан ажралмаган ҳолда яратиш мумкин эмас. Дарслик ёш авлод тафаккури, руҳияти ва дунёқарашининг тамал тоши экан, сифатли дарсликни йўл-йўлакай яратиш имкони йўқ. Муаллифлар учун ижодий муҳит ва шароит яратилиши мақсадга мувофиқ. Дарслик яратиш жараёнида муаллифнинг ижтимоий фаолияти бўлинмаслиги керак. Дарслик ёзилиб бўлгунча унинг фикру зикри дарсликка йўналтирилган бўлиши лозим. Ҳозирги дарслик яратувчилар асосий ишдан ортган вақтларини, меҳнат таътилларини бу ишга сарфлайдилар. Бунинг устига қисқа вақт берилиб, шошма-шошарлик билан йўл тутилади. Ахир, бундай улуғ ишда “тез-тез бўлларинг” тамойили фақат салбий натижага олиб келади.

3. Компетентли кадрларни танлаш. Дарсликни кўп ҳолларда мактаб ўқитувчиларидан тортиб олдик. Айрим дарсликларда мактабда бир соат ҳам ишламаган мутахассислар жамоаси муаллифлардир. Аҳвол шу даражага етдики, ҳатто, талабалар ҳам дарслик ёза бошлади. Мутахассисни номутахассисдан ажратиб бўлмай қолди. Аслида тажрибали мактаб мутахассис-ўқитувчиларининг иштирокисиз дарслик яратиш мумкин эмас. Ахир, улар истеъмолчи, ўқувчи тафаккури, руҳияти даражасини улар билади. Ҳатто ҳар қандай дарслик яратилишида психолог-мутахассиснинг ҳам иштироки таъминланиши керак. Муаллифлар танлови ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. У “енг ичида”, “ёпиқ эшиклар ортида” ўтадигандек тасаввур уйғотади. Муаллифлар жамоаси мамлакат ўқитувчилари танлови асосида шакллантирилиши мақсадга мувофиқ.

4. Тажриба-синов ишлари. Бир вақтлар устозларимиз дарслик ёзишганининг гуовҳи бўлганмиз. Улар бир йил мобайнида ҳар бир дарсни белгиланган мактабларда синовдан ўтказишар эди. Муаллиф ўша мактабда ҳар бир мавзуни амалда ўтиб беришар эди. Муаммолар амалиётдан келиб чиқиб бартараф қилинар эди.

5. Масъул муҳаррир ва тақризчилар. Дарсликнинг ҳақиқий баҳосини тақризчилар бериши, масъул муҳаррир масъулиятни зиммасига олиши белгиланган. Аммо қуруқ раҳмат тақризчи ва масъул муҳаррирларнинг ишламаслигига олиб келди. Ҳозирги амалиётда тақризчилар ҳам, масъул муҳаррир ҳам тайёр тақризга шунчаки имзо қўйиб беришади. Ҳатто, масъул муҳаррир имзо ҳам қўймайди, улар дарсликни кўришмайди ҳам.

6. Дарсликлар муҳокамаси ва экспертизаси. Дарсликлар муҳокамаси ҳам ўлда-жўлда. Таълим марказидаги Ўқув методик-кенгаш ишламайди деса ҳам бўлади. Тугалланган дарслик илмий, мазмуний ва методик экспертизадан ўтказилмайди ҳам. Менимча, дарсликнинг оғирлиги, ҳарфларнинг катта-кичиклиги бўйича қандайдир экспертизага ўхшаган бир амалиёт бўлса керак.

Агар ушбу тизим оқилона ва амалда йўлга қўйилса, дарсликлар миллатга гап-сўзсиз маъқул бўлади.                 

Бахтиёр Менглиев,

профессор