АҚШ Хитой тараққиётига тўсқинлик қилмоқчи — «Reuters»

АҚШ октябрда Хитойга чиплар ва сунъий интеллект воситалари ишлаб чиқариш учун яримўтказгичлар етказиб беришни чеклашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда «Reuters» хабар берди.

Маълум қилинишича, Савдо вазирлиги яримўтказгичларни экспорт қилиш бўйича янги қоидаларни эълон қилади. Мамлакатнинг учта – «KLA Corp.», «Lam Research Corp.» ва «Applied Materials Inc» компаниясига йўлланган мактубда бу бўйича маълумот берилади. Ҳукумат уларга чип ишлаб чиқариш ускуналарини рухсатсиз Хитой заводларига юборишни тақиқлайди.

Бундан ташқари, Савдо вазирлиги августда «Nvidia Corp.» ва «Advanced Micro Devices» компанияларига йўлланган хатларда келтирилган қоидаларни бирлаштиради. Унга кўра, агар компания махсус лицензияга эга бўлмаса, сунъий интеллект тизимлари учун бир неча турдаги чипларни етказиб беришни тўхтатади.

АҚШ расмийлари Хитойга мақсадли чипли маҳсулотларни етказиб бериш учун лицензия талабларини жорий этиши мумкин. Рўйхатга «Dell Technologies», «Hewlett Packard Enterprise» и «Super Micro Computer.» компанияларининг «Nvidia A100» чипини ўз ичига олган маълумотлар маркази сервери кириши мумкин.

«Reuters» хабарига кўра, Жо Байден маъмурияти «АҚШ ҳалигача етакчилик қилаётган технологияларни нишонга олиб, Хитой тараққиётига тўсқинлик қилмоқчи». Америка ҳукумати иттифоқчиларга ҳам худди шундай чекловларни киритиш учун мурожаат қилган.