Ўзбекистонда Марказий Осиёда ягона бўлган Инновацион вакциналар маркази ташкил қилинади, деб хабар бермоқда Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати.
Қайд этилишича, 13 сентябрь куни ШҲТга аъзо давлат раҳбарлари саммити доирасида инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов ҳамда Луе Investment Group Cо.,Ltd компанияси раҳбари ўртасида онлайн учрашув бўлиб ўтди. Унда Инновацион ривожланиш вазирлиги компания билан ҳамкорликда 2023—2028 йилларда умумий қиймати 100 миллион долларга тенг бўлган Инновацион вакциналар марказини ташкил этиши бўйича меморандум имзоланди.
Инновацион вакциналар маркази — Марказий Осиёда ягона тўлиқ циклли биотехнологик ишлаб чиқиш корхонаси бўлиб, маҳаллий ва МДҲ мамлакатлари бозорини юқори технологик маҳсулотлар билан таъминлаш имконини беради. Лойиҳа доирасида гепатит А, гепатит Б, папиллома, қизамиқ, қоқшол ва бошқа касалликлар вирусларини даволашда ишлатиладиган умумий ҳажми 2 миллиард долларга тенг бўлган 10 хил вакцинани йилига 200 миллион дозада ишлаб чиқариш кўзда тутилган.
Ушбу тўлиқ циклли биотехнологик ишлаб чиқариш корхонасининг илмий ҳажмдорлиги ва келгусида юқори малакали илмий мутахассислар жалб қилинишини инобатга олиб, Инновацион вакциналар марказини Тошкент вилоятида ташкил қилиш таклиф этилмоқда.