АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатаси 200 нафарга яқин россиялик амалдор, тадбиркор, маданият ходимлари ва бошқа шахсларга нисбатан санкциялар жорий этишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини қабул қилди. АҚШ ҳукумати аъзоларининг фикрича, улар «коррупция ва инсон ҳуқуқларини бузиш»га алоқадор. Бу ҳақда ташаббусни кўтариб чиққан конгрессмен Том Малиновскининг сайтида эълон қилинган пресс-релизда сўз боради.
«Вакиллар палатаси АҚШ президенти Жо Байден администрациясини Россиянинг қарийб 200 нафар амалдори ва бошқа етакчиларига қарши санкциялар жорий этишга мажбурловчи қонун лойиҳасини қабул қилди. Коррупцияга қарши фаоллар уларни Россия раҳбариятининг ва Украинада махсус ҳарбий операция ўтказилишининг асосий тарафдорлари деб ҳисоблайди», — дейилади хабарда.
Қайд этилишича, гап Коррупцияга қарши курашиш фонди томонидан тайёрланган рўйхат ҳақида кетмоқда. Ундан ўрин олган айрим шахсларга нисбатан шундоқ ҳам санкциялар қўлланилган. «Қонун лойиҳаси администрациядан рўйхатдаги ҳар бир шахс учун санкция қўллаш ёки Конгрессга нима сабабдан уларга Магнитский каби бошқа қонунларга мувофиқ санкция қўлланилмаслигини тушунтириш талаб этилади», — дея таъкидланади пресс-релизда.
Қонун лойиҳасини ҳали АҚШ Конгресси Сенати кўриб чиқиши керак. Юқори палата ташаббусни маъқулласа, у президентга имзолатиш учун киритилади.
Санкциялар қўллаш таклиф этилаётган рўйхатдан Россия президентининг ёрдамчиси Юрий Ушаков, администрация раҳбарининг ўринбосари Магомедсалам Магомедов, президент ёрдамчиси, Россия ҳарбий-тарихий жамияти раиси Владимир Мединский, Марказий сайлов комиссияси раиси Элла Памфилова, Ҳисоб палатаси раҳбари Алексей Кудрин, Марказий банк раиси Эльвира Набиуллина ўрин олган.