Россиядаги ўзбекистонликлар огоҳликка чақирилди

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Россияда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларини мамлакатда кузатилиши мумкин бўлган митингларда иштирок этмаслик ҳақида огоҳлантирмоқда.

Агентликка кўра, айрим ижтимоий тармоқларда Россия ҳудудларида давлат расман рухсат бермаган оммавий намойишлар ўтказилиши режалаштирилаётгани ҳақида турли хабарлар тарқалмоқда.

“Шу муносабат билан, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ушбу давлатда бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси фуқароларидан бундай оммавий намойишларда иштирок этмасликни, Россия Федерацияси қонунларига риоя этишни ва одамлар кўп тўпланаётган жойларга бормасликни сўрайди”, – дейилади Агентлик мурожаатида.

“Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 154-моддаси биринчи қисмига кўра ёлланиш, яъни низолашаётган давлатнинг фуқароси ёки ҳарбий хизматчиси ҳисобланмаган ёхуд назорат қилиниб турган низолашаётган давлат ҳудудида доимий яшамайдиган ёки ҳеч қандай давлат томонидан қуролли кучлар таркибида расмий топшириқни бажариш ваколати берилмаган шахснинг моддий манфаатдорлик ёки бошқа бирон шахсий манфаатни кўзлаб, ўзга давлат ҳудудида ёки унинг тарафини олиб қуролли тўқнашувда ёхуд ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш учун ёлланиши беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Шунингдек, Жиноят кодексининг 154-1-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга кириши 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан, ёлланиши эса 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланишига сабаб бўлади.

Шунга кўра, чет мамлакатларда бўлиб турган ҳамюртларимиздан ҳарбийлашган тузилмаларга ёлланмасликка, ҳарбий ҳаракатларда иштирок этмасликка чақирамиз ва бундай ҳаракатлар жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши ҳақида яна бир бор огоҳлантирамиз”, дея хабар қилмоқда адлия вазирлиги.

Маълумот учун, бу каби расман рухсат берилмаган тадбирларда қатнашиш чет эл фуқаролари учун Россия Федерацияси қонунларига мувофиқ жавобгарликка тортилиш ёки давлатдан мажбурий чиқариб юборишга олиб келиши мумкин.