Украина президенти яна бир бор РФ фуқароларига сафарбарлик борасида юзланиб, уларни чақирув қоғозини олмаслик, яшириниш ёки асир тушишга чақирди. Украина президенти Володимир Зеленский ўз ихтиёри билан таслим бўлишга қарор қилган россиялик аскарларга Украина ҳарбийлари маданият билан ва халқаро конвенсияларга риоя қилган ҳолда муносабатда бўлишини ваъда қилди. Бу ҳақда Зеленский анъанавий видеомурожаатида рус тилида айтиб ўтди.
«Ҳозир барчангиз учун муҳим палла: ҳаётингизни ҳал қилиш вақти келди. Бегона ерда ҳарбий жиноятчи сифатида ҳалок бўлгандан кўра, яхшиси чақирув қоғозини олманг. Майиб-мажруҳ бўлиб, кейин тажовузкорлик уруши қатнашчиси сифатида судда жавоб бергандан кўра, жиноий сафарбарликдан қочинг. Бизнинг қуролларимиз зарбасидан ҳалок бўлгандан кўра, яхшиси украинларга асир тушинг», деган Украина президенти.
Шунингдек, Зеленский Россия ҳукумати асирга тушиш тафсилотларидан хабар топмаслигига — яъни Россия расмийлари кимдир ихтиёрий таслим бўлганини била олмаслигига ҳамда бирорта россиялик ўз ихтиёрига қарши Москвага қайтарилмаслигига ваъда қилган.
Зеленскийнинг бу чорлови РФ президенти Владимир Путин дезертирлик ва буйруқларга бўйсунмаслик учун жазо кучайтирилишини кўзда тутувчи фармонини имзолаган кунига тўғри келди — энди юқоридаги ҳолатлар бўйича айбловлар учун 10 йилгача қамоқ жазоси кўзда тутилади.