Қозоғистон чегара хизмати ходимлари ўтказиш пунктини четлаб ўтиб, чегарани бузиб кирган уч нафар россияликни қўлга олди, деб хабар бермоқда мамлакат Миллий хавфсизлик қўмитаси.
«Қонунбузарлар ўз хатти-ҳаракатларини Россия ҳудудида ўтказилаётган қисман сафарбарликдан бош тортмоқчи бўлгани билан изоҳлади», — дейилади хабарда.
Ҳодиса 25 сентябрь куни Қўстаной вилояти бўйича чегара хизмати департаментига қарашли участкада юз берган. Уч россиялик сўроқ қилинганидан кейин ўз мамлакатига топширилади.
Муассаса эслатишича, айни пайтда чегарани қўриқлаш бўлинмалари ва ўтказиш пунктлари Қозоғистон чегара хавфсизлигини таъминлаш учун кучайтирилган режимда ишламоқда.
Шундан кейин Россиянинг Грузия, Финляндия, Мўғулистон билан чегараларида тирбандликлар юзага келгани ҳақида маълум қилинди, авиакомпаниялар эса Истанбул, Ереван, Бокуга тўғридан-тўғри рейслар учун чипталарни сотиб тугатди.
Қозоғистон давлат даромадлари қўмитаси маълум қилишича, 21 сентябрдан буён Россиядан енгил автомобиллар оқими 20 фоизга ўсган, энг кўп гавжумликлар Ақтўбе, Атирау, Ғарбий Қозоғистон ва Қўстаной вилоятларида кузатилган.
Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси Чегара хизмати 23 сентябрь куни республикага кириб келаётган россияликлар сони ўсгани ҳақида хабар берган ва вазият алоҳида назорат остига олинганини маълум қилган эди.
Еврокомиссия вакили сафарбарликдан қочаётган россияликларни ўз ҳудудига киритиш-киритмаслик қарори ҳар бир давлатнинг ўзига ҳавола этилишини айтганди.