Мактабда юз берган отишмада беш киши ўлгани айтилмоқда—Россия

Россиянинг Ижевск шаҳридаги 88-мактабда отишма содир бўлди. Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, қурбонлар сони беш кишига етиши мумкин. Мактаб ўқувчилари ва ўқитувчилари зудлик билан эвакуация қилинмоқда. Бу ҳақда Jahon.uz маълум қилди.

Мактабдаги отишма ҳақидаги хабарлар душанба куни эрталаб Россия Телеграм каналларида пайдо бўлди. Буни кейинроқ Ички ишлар вазирлиги ҳам тасдиқлади.

“Бугун полицияга Ижевскдаги 88-мактабда отишма юз бергани ҳақида хабар келиб тушди, ходимлар воқеа жойига боришди, гумонланувчини қўлга олиш чоралари кўрилмоқда, қурбонлар ҳақида маълумотлар аниқланмоқда”, — дейилади ИИВ хабарида. (РИA Новости иқтибос келтирган).

Россия оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, отишма дарс вақтида бошланган — қора костюмли номаълум эркак синфга бостириб кириб, ўт очган.

Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, Ижевск мактабида жабрланган мактаб ўқувчилари сони бештага етган. Отишмани қўлга олгани ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.