Асака туман ҳокимининг биринчи ўринбосари, ҳоким вазифаси вақтинча бажарувчи Ойбек Зайнобидинов туман ҳокимлиги ходимларини мукофотлаш тўғрисидаги фармойишни имзолади.
Фармойишга илова қилинган ходимлар рўйхатида 27 сентябрь куни лавозимидан озод этилган Асака тумани ҳокими Мансуржон Алихонов ҳам бор.
Собиқ ҳоким ва яна 49 нафар ходимлар «иш ҳақи фонди ҳисобидан 2022 йил III чорак якунлари бўйича ойлик иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида ҳамда штатлар жадвалида белгиланган моддий рағбатлантириш фонди ҳисобидан 45 фоиз миқдорида мукофотланган.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қарори билан ер муносабатларини тартибга солишга оид қонунчилик ҳужжатларига риоя этмагани, фаолиятида йўл қўйган бошқа жиддий қонунбузилиш ҳолатлари учун Асака тумани ҳокими М.Алихонов ва Фарғона тумани ҳокими Ш.Муминов эгаллаб турган лавозимидан озод этилган эди.
Мукофотланган ҳоким 56 та қарор билан 2 минг 390 гектар ерни ноқонуний ажратган. Айни шу туманда бир ярим йил (2021-2022 йиллар) ичида ер билан боғлиқ ноқонуний ҳолатлар бўйича 15 та жиноий иш қўзғатилган.