Россияда парвозларга қўйилган чеклов режими яна узайтирилди

Россиянинг жанубий ва марказий қисмларидаги 11 та аэрпортда парвозларга қўйилган вақтинчалик чеклов режими 16 октябрга қадар узайтирилди. Бу ҳақда «Росавиация» хабар берди.

Парвозлар аввалгидек Анапа, Белгород, Брянск, Воронеж, Геленжик, Краснодар, Курск, Липетск, Ростов-на-Дон, Симферополь ва Элиста аэропортларида вақтинча чекланган. Мамлакатнинг қолган ҳаво бандаргоҳлари штат режимида ишламоқда.

Россия жануби ва марказидаги авиақатновларга чекловлар 24 февралда қўйилган эди. 1 августда «Росавиация» авиакомпаниялар ва аэропортларга давлат дастури бўйича 54 миллиард рубль субсидия ўтказиб бергани айтилганди.

Эслатиб ўтамиз, март ойида Россия Ўзбекистон билан авиақатновларда киритилган чекловларни бекор қилганди. Аввалроқ Финляндия яқин кунларда россиялик туристларнинг мамлакатга киришини тақиқлаши, Европа Комиссияси Россияга қарши янги санкциялар эълон қилиши тўғрисида хабар берилганди.