Тош ҳайкаллар билан боғлиқ ҳодиса юзасидан Шили Маданият Вазирлигидан Каролина Перез Даттари маълумот берди. Берилган хабарга кўра, ёнғин чиқиши натижасида зарар етган тош ҳайкалларнинг айримлари кўмир ҳолатига келган ва уларни қайта тиклашнинг умуман имкони йўқ.
Талофат етган ҳайкаллар сони 30 та. Ҳозирда воқеа юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Пасха оролида 1000 га яқин улкан тош ҳайкал ҳамда ўймакорлик ишлари мавжуд. Тош ҳайкалларнинг энг каттасининг оғирлиги 70 тонна, бўйи 10 метрни ташкил этади. Ушбу ҳайкаллар 1400-1650 йиллар оралиғида маҳаллий халқ томонидан барпо қилинган ва жойлаштирилган.
Бингемтон университети (АҚШ) олимлари Пасха (Рапануи) оролидаги 900 дан зиёд ҳайкаллар сирини очишган. Маълум бўлишича, бу ҳайкаллар қадимий аждодларга сиғиниш мақсадида ясалмаган, балки улар чучук сув манбаларига кўрсаткич вазифасини ўтаган.
«PLOS» журнали ёзишича, орол гидрология ҳолатини ўрганиш давомида деярли барча ҳайкаллар жойлашган ер атрофида булоқ сувлари топилган.
Илгари Пасха оролида ичимлик суви йўқ деб ҳисобланар ва бу ерга саёҳатга борувчилар ўзлари билан сув олиб кетишарди. Тоза ичимлик суви ҳақидаги барча маълумотлар бир пайтлар Пасха оролида яшаган қадимий полинезияликлар билан бирга йўқ бўлиб кетган.