«Ватандошларимиздан шахсий хавфсизлик нуқтаи назаридан Украинани тарк этишларини сўраймиз» — Элчихона

Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси зиддият ўз изига тушгунига қадар, Украинага саёҳат қилишдан воз кечишга ва мамлакатни тарк этишга чақирди.

“Украина шаҳарларига ракета ҳужумларининг кучайиши ортидан Ўзбекистон фуқароларининг Украинага келиш ва ушбу давлатда бўлиш юзасидан қилган мурожаатларига жавобан, элчихона яна бир бор ватандошларимизни, зиддият ўз изига тушгунига қадар, Украинага саёҳат қилишдан чекланишга чақиради.

Бундан ташқари, фронтдаги вазиятнинг кескинлашуви ҳамда бутун Украина бўйлаб ракета ва артиллерия зарбаларининг давом этиши эҳтимоли юқорилигидан келиб чиқиб, ватандошларимиздан шахсий хавфсизлик нуқтаи назаридан ушбу мамлакатни тарк этишларини сўраймиз”, — дейилади элчихона баёнотида.