Озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи 16,6 фоизга ошди


Марказий банк томонидан «2022 йилнинг сентябрь ойида аҳолининг даромадлар кесимида инфляция даражаси ва сезилган инфляция шарҳи» тақдим этилди.

Марказий банк томонидан аҳоли орасида ўтказилган сўровномага кўра, респондентлар сентябрь ойида ҳам август ойи каби гўшт, сут, нон, ун, шакар ва ёғ маҳсулотлари нархлари юқори даражада ошганлигини билдиришган.

Қайд этилишича, 2022 йилнинг сентябрь ойида йиллик инфляция даражаси 12,2 фоизни, озиқ-овқат маҳсулотлари инфляцияси эса 16,6 фоизни ташкил этди. Шунингдек, ташиш ва алоқа хизматлари, савдо, ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги соҳалари бўйича ҳудудлар кесимида сезилган инфляциянинг нисбатан юқори кўрсаткичлари Бухоро(17,1 фоиз) Наманган (17 фоиз) вилоятлари ва Тошкент (16,6 фоиз) шаҳрида кузатилган бўлса, нисбатан паст кўрсаткичлар Навоий (11,3 фоиз), Андижон (11,6 фоиз) ҳамда Сурхондарё (12 фоиз) вилоятларида қайд этилди.

Ҳудудлар кесимида, 8 та ҳудудда инфляция кўрсаткичлари республика бўйича ўртача умумий инфляция даражасидан баланд бўлди. Бунда, Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Сирдарё, Сурҳондарё ва Наманган вилоятларида озиқ-овқат нархлари ўсиши суръатлари қолган ҳудудларга нисбатан юқорироқ эканлигини кўриш мумкин.

Хусусан, апрель ойидан бошлаб ички нархлар ўсишининг тезлашгани аҳолининг, айниқса, кам даромадли гуруҳларнинг сезилган инфляцияси юқори шаклланишига сабаб бўлди. Бунда, июнь ойида даромадлари 2 миллион сўмгача бўлган уй хўжаликлари инфляциясининг умумий инфляциядан тафовути 2,4 фоиз бандгача ошган бўлса, сентябрь ойи якунлари бўйича ушбу кўрсаткич 2 фоиз бандгача пасайди.