Москвада сафарбарлик тугагани эълон қилинди

Москвада сафарбарлик тадбирлари якунланди, дея маълум қилди шаҳар мери Сергей Собянин. Унинг сўзларига кўра, сафарбарлик пунктлари 17 октябрь куни соат 14:00 да (Тошкент вақти билан 16:00) ёпилади.

«Сафарбарлик жараёнида яшаш жойи ва корхоналарга юборилган чақирув қоғозлари ўз кучини йўқотади», — деди Москва мери.

Собяниннинг айтишича, сафарбарликнинг барча вазифалари «тўлиқ бажарилган».

Сўнгги кунларда оммавий ахборот воситалари Москвадаги метро бекатлари яқинида кўплаб рейдлар ўтказилгани, ётоқхоналар ва меҳмонхоналарда ҳам полиция рейдлари ўтказилиб, ҳарбий ёшдаги эркакларга мажбуран чақирув қоғозлари берилгани ҳақида ёзди. Москва ҳарбий комиссариати буни расман рад этди.

14 октябрь куни Россия президенти Владимир Путин сафарбарлик тадбирлари икки ҳафта ичида якунланишини маълум қилган эди.