Давлатимиз раҳбарига ToshkentboshplanLiti ДУК томонидан ишлаб чиқилган Тошкент шаҳрининг транспорт тугунлари ва аҳоли пунктларини ривожлантириш стратегияси тақдим этилди.
Стратегияга кўра, Тошкент шаҳри кадастри рақамлаштирилиб, ҳудудларнинг тоифаси очиқ-ошкора қайд этиб қўйилади. Аҳоли ўз маҳалласи ёки тадбиркорлар бизнес очмоқчи бўлган ерининг қандай ҳудудда жойлашганини интернет орқали бемалол кўриши мумкин бўлади.
Тирбандлик муаммосини ҳал этиш учун жамоат транспорти қулайлаштирилади. Бунинг учун аҳоли уйидан 15 дақиқа пиёда юрадиган масофада бекат бўлиши талаб этилади.
Шунингдек, Park and ride тамойили асосида, шаҳар чеккаларида автотураргоҳлар ташкил этилиб, жамоат транспорти бекатлари билан боғланади.
Бундан ташқари, биноларга ижтимоий талаблар белгиланади. Масалан, шаҳар ичида кўп қаватли иншоот қурилгудек бўлса, унинг турига қараб, мактаб, боғча, маиший хизмат, автотураргоҳ ўрни, кўкаламзорлаштириш майдони каби меъёрлар қўйилади.
Ўз навбатида, Катта ҳалқа йўли атрофида «яшил камар» яратиш, шаҳардан ўтган каналлар бўйида тематик боғлар ташкил этиш кўзда тутилган. Умуман, Тошкент шаҳрида амалдаги 7 минг гектар яшил ҳудудларни 25 минг гектарга етказиш мақсад қилинган.