20 йилдан буён кўз шифокори сифатида фаолият юритувчи Катерина Куртеева, қабулига келган беморининг кўзидан чиққан нарсаларга ишонолмади. Бу ҳолатни ижтимоий тармоқлар орқали эълон қилди.
Кўриш муаммоси борлиги учун неча йиллардан буён контакт линза тақадиган бемор, кўзидаги линзаларни унутгани етмагандек 2 йил давомида шифокорга мурожаат қилмаган. Шу йиллар мобайнида кўриш қобилияти тобора ёмонлашиб бораётгани ва иложсиз қолгани туфайлигина у шифокор назоратидан ўтишга қарор қилган.
Кўз шифокори кўриб турган нарсасига ишонолмай ёқа ушлади. 20 йиллик тажрибага эга шифокор кекса бемор аёлнинг кўзидан 23 та линза чиқариб олди. Куртеева беморига контакт линзаларидан кўзини бироз дам олдириши лозимлигини таъкидлашига қарамай бемор бу таклифни қабул қилмади. Ва яна линза тақди. Линзалар олиб ташланганидан бир ой ўтиб, беморнинг кўриши анчагина яхшилангани маълум бўлди.
Кексаларга бир йилда бир маротаба кўз шифокорига мурожаат қилишлари тавсия қилинган бўлишига қарамай ушбу қаҳрамон икки йил давомида шифокор қабулига бормаган. Куртеева, бемор аёлнинг 30 йилдан буён контакт линзадан фойдаланишини, ўз соғлигига бунчалик лоқайд бўлиши ҳаддан ташқари эътиборсизлик эканини афсус билан айтиб ўтди.
Шунингдек, мутахасис Куртеева, беморнинг бу ҳолатда кўриш қобилиятини бутунлай йўқотмагани ва инфекцияга учрамагани жуда катта омад эканини таъкидлади. Қолаверса, у фаолияти давомида бирор марта бундай ҳолатга дуч келмаганини айтди.