Вафот этганларнинг кўпчилиги 20 ёшлар атрофида — Хэллоуин байрами оқибатлари

Жанубий Кореанинг пойтахти Сеулда Хэллоуин байрами вақтида катта тиқилинч юзага келди. Пандемиядан кейин биринчи марта ташкил қилинган ушбу байрамда кўчаларга ҳаддан ортиқ одам тўпланиб кетиши туфайли 153 кишининг оламдан ўтгани ҳамда 82 та фуқаронинг яралангани маълум бўлди.

Ҳодиса Сеулнинг машҳур жойларидан бири Итаевонуда юз берди. Ҳодиса рўй берган жойдан олинган суратларда кўчаларда одамларнинг ниҳоятда тиқилинч ҳолатда қолгани, ҳаракат қилолмасдан бир-бирини эзиб, янчиб ташлаганини кўриш мумкин.

Бошқа бир видеотасвирда эса тез тиббий ёрдам хизмати ходимлари устма-уст қолиб кетган одамларнинг орасидан ёрдамга муҳтожларни қутқариб олишга уринаётгани кузатилади.

 Расмийлар ҳамда полиция ходимлари оломонни назорат қилишдан ожиз қолишди. Омади чопиб талотўп ичидан соғ чиққанлар эса ўша вазиятда нафас олишга ҳам имкон қолмаганлигини айтишди.

Вафот этганларнинг кўпчилиги 20 ёшлар атрофида эканлиги, 19 та марҳумнинг эса хориждан ташриф буюрган сайёҳ эканлиги айтилмоқда. Бу каби тўс-тўполонга нима сабаб бўлгани ҳозирча аниқ эмас. Ушбу ҳодиса юзасидан Жанубий Кореа президенти Юн Сок Ель, яраланганларга кўмак бериш учун махсус гуруҳ жалб этилишини ва воқеа юзасидан суриштирув ишлари олиб борилишини буюрди.

Юқоридаги воқеа 2014 йилда Севол паромининг чўкишидан кейин Жанубий Кореада юз берган энг улкан фалокат бўлди. 2014 йилдаги ҳалокат натижасида 300 дан ортиқ киши ҳаётдан кўз юмганди. Хеллоуинда иштирок этиш учун тахминан 100 минг киши боргани айтилмоқда. Расмийлар ҳолат юзасидан 2900 кишининг оиласи, яқинлари томонидан мурожаатлар келиб тушганини маълум қилди.

 Йўқолганларнинг яқин қариндошлари куни кеча кўчаларда юриб ўзларига тегишли жасадларни излашди. Кейинроқ масъул ходимлар жасадларни ўша атрофдаги спорт залига олиб бориб, яқинларини ўша ердан излашларини сўрашди.