Эндиликда иш ҳақи кечиктирилган ҳар бир кун учун компенсация тўланади. Ушбу қоида янги таҳрирдаги Меҳнат кодексида белгиланди.
Янги таҳрирдаги Меҳнат кодекснинг 253-моддасига кўра, ходимларга иш ҳақи тўлаш муддатлари жамоа шартномасида ёки ички ҳужжатда, улар мавжуд бўлмаганда эса меҳнат шартномасида шарт қилиб кўрсатилган муддатларда белгиланади ва ҳар ярим ойда бир мартадан кам бўлиши мумкин эмас.
Ходимларга ойлик иш ҳақи 16 кундан кўп бўлмаган танаффус билан икки қисмга бўлинган ҳолда (бўнакда ва қолган қисми миқдорида) тўланади.
Иш ҳақи тўланадиган кун дам олиш кунига ёки ишланмайдиган байрам кунига тўғри келиб қолганда иш ҳақи ушбу кунлар арафасида тўланиши белгиланди. Ходимга тегишли бўлган иш ҳақининг ўз вақтида тўланиши ва миқдори бошқа тўловларни амалга оширишга ҳамда уларнинг навбатига боғлиқ қилиб қўйилмаслик ҳам қайд этилган.
Шунингдек, кодекснинг 333-моддасида иш берувчи иш ҳақи тўлаш кечиктирилгани учун ходим олдида моддий жавобгар бўлиши белгиланди.
Унга кўра, иш берувчи иш ҳақини, таътил тўловларини, меҳнат шартномаси бекор қилингандаги тўловларни ва (ёки) ходимга тўланиши лозим бўлган бошқа тўловларни тўлаш муддатини бузган тақдирда, уларни тўлов муддатидан кейинги кундан эътиборан то ҳақиқатда ҳисоб-китоб қилинган кунни ўз ичига олган муддатгача ҳар бир кечиктирилган кун учун Марказий банкининг ўша вақтда амалда бўлган қайта молиялаштириш ставкасидан келиб чиққан ҳолда фоизлар (пулли компенсация) билан бирга тўлаши шарт.
Мазкур пулли компенсацияни тўлаш мажбурияти иш берувчининг ойлик иш ҳақини ёки ходимга тўланиши лозим бўлган бошқа тўловларни тўлашнинг кечиктирилишида айби бор-йўқлигидан қатъи назар юзага келади.