Ҳокимларни ёмон кўрувчиларнинг боласи ҳоким бўлсин – Зойир Мирзаев

Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев фуқаролар учун ташкил этилган навбатдаги қабулида бир муаммо билан қайта-қайта келаётганларни тартибга чақириб, уларга “ҳокимларни ёмон кўрувчиларнинг фарзанди ҳоким бўлсин”, деб танбеҳ берди.

Тошкент вилояти ҳокимлиги Матбуот хизматининг маълум қилишича, қабул Янгийўл шаҳрида ўтказилган. Ҳоким фуқароларни қабул қилиш бошланишидан олдин уларга мурожаат қилган.

“Ўзимизнинг вақтимизни ўзимиз олмайлик, бу ерга келганда бақир-чақир қилиб, ўзини кўрсатиб, бошқаларнинг асабини бузиш, бизга ярашмайди бу.

Мен қўлимдан келадиган ишни бўлади дейман. Қўлимдан келмаса шу заҳоти рад қиламан. Бир одамни бир масала юзасидан эллик марта қабул қилиш номаъқул. Ким 4-5 марта келаётган бўлса, шу ерда акт қиламиз. Бир муаммони қайтаряпсиз, биз йўқ деб жавоб қиляпмиз, яна шу муаммони айтиб, барчанинг вақтини олманг. Ҳамма нарсанинг ҳам қонуний ечими бор. Ҳеч ким ўзини артистликка солмасин”

Ҳокимларни ёмон дейишади. Тўғри, ёмонмиз биз. Шунинг учун ҳам эрталабдан кечгача елиб-югуряпмиз. Ҳокимларни ёмон дегувчиларнинг фарзандлари ҳам ҳоким бўлсин, икки кишига ёрдам беролмай, эзилиб уйга келганда унинг юзига қаранг она бўлиб, ҳокимлар иши қанчалик машаққатли эканини ҳис қилинг”, дейди Тошкент вилояти ҳокими.

Ҳокимлик хабарига кўра, қабул 5 соатдан кўпроқ давом этган. Унда Зойир Мирзаев 174 нафар фуқаро билан мулоқот қилган, қонунчиликда белгиланган тартибда масала ва муаммолар муҳокама қилинган.

Шунингдек, бугунги қабулда вилоят сектор раҳбарлари, бошқарма, корхона ва ташкилотлар мутасаддилари иштирок этган.