Ўзбекистон давлат байроғи тўғрисидаги қонунга ўзгартириш киритилади

Ўзбекистон давлат байроғи тўғрисидаги қонун давр талабларига мослаштирилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Либерал демократик партияси раҳбари Актам Хаитов маълум қилди.

Хаитовнинг ёзишича, ЎзЛиДеП фракциясига аъзо бўлган депутатлар сайловчилар билан ўтказган учрашувларида давлат рамзлари, хусусан, давлат байроғининг бундан 31 йил олдин қабул қилингани, сўнгги йилларда эса ундан фойдаланишда айрим чекловлар мавжудлигини очиқ-ошкора айтмоқда.

Учрашувлар жараёнида ушбу қонунни давр талабига мослаштириш, давлат байроғидан фойдаланиш борасида қонун нормаларини янада либераллаштириш лозимлиги билдирилган.

Қайд этилишича, 18 ноябрь куни Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг кенгайтирилган йиғилишида «Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида»ги қонунга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ташаббусини илгари суриб муҳокама ташкил этиш ва депутатлар орасидан ишчи гуруҳи тузиш кўзда тутилмоқда.