“Келажакка қайтиб” филми юлдузи Паркинсон касаллигига қарши курашга қўшган ҳиссаси учун “Оскар” мукофотини олди

Америка Кино академияси “Келажакка қайтиб” филми юлдузи Майкл Жей Фоксни Жин Хершолт номидаги “Оскар” мукофоти билан тақдирлади. Ушбу нуфузли мукофот ижодкорга Паркинсон касаллигига қарши курашга қўшган ҳиссаси учун берилган.

Актёр мукофотни Америка Кино академияси томонидан ташкил этилган “Говернорс Аwардс” тақдирлаш маросимида яқин дўсти, актёр Вуди Харрелсоннинг қўлидан қабул қилиб олди.

“Актёр томонидан асос солинган Майкл Жей Фокс фонди Паркинсон касаллигини тадқиқ қилиш учун бугунги кунга қадар 1 миллиард АҚШ доллари миқдорида пул жамғарган. Фокс қандай курашиш ва қандай яшаш кераклиги кўрсатиб берувчи намуна. Бугунги кунда уни нафақат актёр сифатида, балки ҳайрия ишлари учун ҳам яхши кўришади”, – деди Вуди Харрелсон.

Маълумот учун, Паркинсон – марказий асаб тизимига аста-секин ҳужум қилувчи касаллик бўлиб, у одатда 50 ёшдан ошган инсонларда кузатилади. Актёр Майкл Жей Фоксга Паркинсон касаллиги ташхиси 30 ёшида қўйилган. Ижодкор касалликни тадқиқ қилиш мақсадида 1998-йилда ўз фондига асос солган. Мазкур фонд касалликка чалинган инсонларни қўллаб-қувватлаш, Паркинсонни ўрганиш ва унга даво топиш устида иш юритади.