Латвия ҳукумати мактабларда рус тили ўқитилишини тақиқламоқчи

Латвия Таълим ва фан вазирлиги 2026 ва 2027-ўқув йилидан бошлаб мактаб ўқувчиларига иккинчи чет тили сифатида рус тилини танлашни тақиқламоқчи. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Режага кўра, мамлакатдаги барча таълим муассасаларида иккинчи чет тили сифатида фақат Европа Иттифоқининг расмий тилларидан бири танланади. Бу қарор ҳукуматлараро келишувлар билан тартибга солинадиган тиллар учун истисно қилинади.

«Рус тили ЕИ тили ҳисобланмагани ва тегишли халқаро шартномаларда мавжуд эмаслиги сабабли уни мактабларда иккинчи чет тили сифатида ўрганиш тақиқланади», дейилади хабарда.

Ҳозирда Латвия мактабларида биринчи чет тили бошланғич синфдан бошлаб ўқитилади ва бу инглиз тилидир. Иккинчи чет тилини ўрганиш тўртинчи синфдан бошланади. Бундан ташқари, 2021 йилда ўтказилган сўровда Латвия мактабларининг деярли ярмида тил танлови йўқлиги аниқланди: 300 дан ортиқ мактабда иккинчи чет тили сифатида фақат рус тили таклиф этилади. Латвия амалга оширмоқчи бўлган ўзгариш «ёшларнинг Европа таълим маконига тўлиқ қўшилишига ҳисса қўшиши»дан келиб чиқади.

Маълумот ўрнида, Эстония 2030 йилгача рус мактабларини эстон тилида ўқитишга ўтказади. Бу бўйича тасдиқланган қонун лойиҳаси таълим тилини эстон тилига ўтказиш учун асос ва шарт-шароитлар яратишни назарда тутади.