Исроиллик аёл АҚШ президенти Жо Байденнинг ташрифи олдидан Қуддусга (Иерусалим) июль ойида келган Америка махфий хизмати ходимини судга берди. Бу ҳақда ABC News хабар берди.
Маълум қилинишича, хавфсизлик ходими маҳаллий аёл билан уришган, оқибатда АҚШга қайтариб юборилган. «Байденнинг хавфсизлик хизматига қарши даъво ўттиз ёшли, турмушга чиқмаган исроиллик аёл Тамар Бен-Хаим номидан қўзғатилган. У 2022 йил ёзда Исроилга келган АҚШ президенти қўриқчиси томонидан шафқатсизларча ҳужумга учрагани ва калтакланганини айтди», дейилади хабарда.
Даъво аризасида хавфсизлик ходимининг исми кўрсатилмаган. Мазкур ҳодиса 12 июль куни қўриқчининг Қуддусдаги «Махайн Еуда» бозорига келганидан кейин содир бўлган.
«Ҳужумдан сўнг Тамар судланувчи Жон Донинг АҚШ Махфий хизмати ходими агенти бўлганини билди, у 2022 йил июль ойида Байденнинг Исроилга ташрифига тайёргарлик кўраётган Махфий хизмат гуруҳи аъзоси эди», — дейди адвокат.
Даъвога кўра, америкалик кўчада исроиллик аёлга ҳужум қилган. Тўсатдан ва огоҳлантирмасдан уни калтаклай бошлаган. Соқчига ҳамроҳ бўлган, бироқ ҳужумда иштирок этмаган шахс ўз шеригини олиб кетгунига қадар ҳужум давом этган.
Ҳужумдан сўнг аёлга стрессга нисбатан ўткир реакция ташхиси қўйилган, унга психотерапевтга мунтазам қатнаш буюрилган.
Аввалроқ Германияда 101 ёшли концлагер собиқ қўриқчиси беш йилга қамалганди. У Холокост давридаги жиноятлар учун судланган энг кекса шахс бўлган.