Қўқон шаҳри ҳокимини танқид қилган блогерга 2 йил озодликдан чеклаш жазоси қўлланди

Қўқон шаҳри ҳокимлиги блогер Комил Аҳмедов шаҳар ҳокими Маъруфжон Усмоновга туҳмат қилгани учун судлангани ва жазога тортилганини маълум қилди.

Қайд этилишича, бунга Комил Аҳмедовнинг фейсбукдаги «Қўқонжоним» гуруҳида «Фикр полицияси. Қўқонда демократиями, автократиями???» сарлавҳали мақоласи сабаб бўлган.

Ҳокимлик матбуот хизматига кўра, жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар судида 2022 йил 21 ноябрь кунги очиқ суд мажлисида Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 139-моддаси 3-қисмининг «а» банди билан айбланиб судга берилган фуқаро Комил Аҳмедовнинг жиноят иши очиқ суд мажлисида мазмунан кўриб чиқилган. Суд жараёнида прокурор томонидан эълон қилинган айблов юзасидан адвокат иштирокида сўралган Комил Аҳмедов айбловга тўлиқ иқрорлигини ва пушаймонлигини кўрсатган.

Комил Аҳмедов шаҳар ҳокими ва бошқа бир фуқарога нисбатан туҳмат қилиб, текширилмаган, нокомпетент ахборот манбаларидан маълумот олиб, ушбу маълумотларни ижтимоий тармоқларга жойлаганлигини билдирган.

Ушбу ҳаракатлари нотўғри эканлигини билгани ҳолда шаҳар ҳокимидан узр сўраб, суддан енгиллик беришни сўраган. Бу борада унинг қонуний ҳимоячиси адвокат ҳам фикрларига қўшилгани ҳолда Комил Аҳмедовга енгиллик беришни сўраган. Суд ишдаги барча йиғилган далилларга одилона таяниб, Комил Аҳмедовга нисбатан қонунда белгиланган жазо тайинлаган.

Блогер Олимжон Ҳайдаровнинг ёзишича, суд Комил Аҳмедовга 2 йил озодликдан чеклаш (уй қамоғи) ва 2 йил интернетдан фойдаланмаслик жазосини қўллаган.

Шунингдек, ҳокимлик фейсбукдаги «Қўқонжоним» гуруҳида «Яшасин Қўқондаги «адолатли, қонуний, олий» судимиз» сарлавҳаси остида эълон қилинган мақола юзасидан ҳам муносабат билдирди.

Унда қайд этилишича, Қўқон шаҳар ҳокимининг феъл-атвори тўғрисидаги маълумотлар мақола муаллифининг субъектив фикри ва Маъруфжон Усмоновни шахсан танимаган инсон томонидан муҳокама этилишга сабаб бўлиши мумкин эмас.

«Ўзбекистон Республикаси Конституциясига асосан суд ижроия ҳокимиятидан мустақил тизим ва ҳар бир фуқаро ўз қилмиши учун жинси, ирқи, ижтимоий ўрнидан қатъий назар қонун олдида бирдек жавобгар.

Мақола муаллифини тасдиқланмаган, эмоционал хабарларни тарқатишдан огоҳ бўлишга чақирамиз. Қўқон шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати ўз ваколати доирасида мақола муаллифини зарур маълумотлар билан таъминлашга доимо тайёр эканини билдирамиз», — дейилади ҳокимлик муносабатида.