Германиянинг экспортга йўналтирилган иқтисодига юқори энергия нархлари қаттиқ таъсир қилди. Бу ҳақда Die Welt’га таяниб «Коммерсантъ» ёзмоқда.
Германия саноат иттифоқи бош директори Таня Гуннернинг айтишича, ҳар тўртта немис компаниясидан бири ишлаб чиқаришни хорижга кўчириш ҳақида ўйламоқда.
Энергия нархининг юқорилиги ва иқтисодиётнинг заифлашуви Германия иқтисодиётига зарар етказмоқда ва дунёнинг бошқа мамлакатларига нисбатан бизнинг компанияларимизга оғир юк тушмоқда. Немис бизнес модели жуда катта стресс остида, — деди Гуннер хоним.
Германиянинг Кимё саноати ассоциацияси раҳбари Вольфганг Энтруп ҳам инқирознинг жиддий оқибатларидан шикоят қилди. У соҳа давлат томонидан қўллаб-қувватланмаслигидан хавотирда.
Унинг фикрича, агар кимё саноати зарар кўрса, Германиядаги бошқа саноат тармоқлари ҳам қулайди.
Бу Германия бизнеси учун нокаут бўлиши мумкин, — дейди Вофлганг Энтруп.
Октябр ойида Германияда инфляция 11,6 фоизни ташкил этди ва умуман мамлакат учун нархларнинг ошиши энг кескин муаммо бўлиб қолмоқда.
Аввалроқ Германия канцлери Олаф Шольц Европа иқтисодиётининг қисқаришига Осиё давлатларининг ривожланиши асосий сабаб бўлганини айтганди.