Навоий вилояти прокуратураси ижтимоий тармоқларда тарқалаётган «Навоий кон металлургия комбинатида нега ўлимлар сони ортмоқда?» сарлавҳали хабарлар юзасидан расмий муносабат билдирди.
Прокуратурага кўра, жорий йилнинг 26 ноябрь куни Навоий кон-металлургия комбинати АЖ Шимолий кон бошқармасига қарашли «Шарқий» конида портлатиш ишлари олиб борилган ҳудудда руда тошларни олиш ишлари билан шуғулланаётган ЭКГ-40 русумли экскаватор кабинасига тоғ жинслари кўчмаси сачраб тушиши оқибатида, кабинада бўлган машинист Ш.Ш тан-жароҳати олиб, воқеа жойида вафот этган.
Бундан ташқари, ЭКГ-40 русумли экскаватор кабинасида бўлган, машинист ёрдамчиси Т.М «бўйин ва ўнг қўл кафт соҲаси 1 ва 2-даражали куйиши» тан жароҳатини олган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан ИИВ ҳузуридаги 2-сон ИИБ тергов бўлинмаси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётган бўлиб, судга оид тиббий экспертиза тайинланган.