Нукус воқеалари бўйича асосий айбдор Тажимуратов қалби тоза эканини исботлаш учун Қуръони Карим келтиришни сўради

Бугун, 28-ноябр куни жорий йилнинг 1-2-июл кунлари Нукус шаҳрида содир этилган оммавий тартибсизликларга доир жиноят иши юзасидан Бухоро вилоят суди биносида 22 нафар судланувчига оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни бўлиб ўтаётгани ҳақида хабар берган эдик.

Қайд этилишича, судланувчилар томонидан келтирилган илтимосномаларнинг аксарияти суд томонидан қаноатлантирилмоқда.

Суд мажлисида айбланувчи Даулетмурат Тажимуратов бир нечта илтимос билан мурожаат қилган.

Хусусан, Тажимуратов суддан ҳимоячиси билан гаплашиб олиш учун имконият беришни сўраган, бу илтимоснома суд тарафидан қаноатлантирилган ва судланувчи ҳамда ҳимоячига ўзаро гаплашиб олиш учун имконият берилган.

У, шунингдек, содир этилган ҳолатга гувоҳ бўлган фуқароларни ҳам суд ишига таклиф қилинишини сўраган. Унинг илтимоси инобатга олиниб, асосий гувоҳлар сўроқ қилингач, қўшимча гувоҳлар ҳам сўроқ қилиниши белгиланган.

Шунингдек, Тажимуратов “қалби тоза”лигини исботлаш учун Қуръони Карим китобини келтиришни сўраган. Бироқ суд бу сўровни рад этган, чунки бу каби юридик механизм қонунчиликда мавжуд эмас.

Таъкидлаш мумкин, ушбу жиноят иши Қорақалпоғистон Республикаси судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судяси Е.Абибуллаев раислигида биринчи инстансия судида кўриб чиқилмоқда.