Қашқадарёда 11 та археологик объектга 6 млрд сўмга яқин зарар етказилди

Қашқадарёда 11 та археология мероси объектига 6 млрд сўмга яқин зарар етказилгани аниқланиб, жиноят иши қўзғатилди. Қолаверса, V-VIII асрларга оид объектларга 1 млрд 488 млн сўмлик зарар етказилгани маълум бўлди. Ҳолатлар бўйича 37 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилди.

Туризм ва маданий мерос вазирлиги билан биргаликда Қашқадарё вилоятида жойлашган маданий мерос объектларининг сақланиши, тикланиши, таъмирланиши аҳволи ўрганилди, дея хабар бермоқда Бош прокуратура матбуот хизмати.

Қайд этилишича, вилоятда жойлашган 1468 та маданий мерос объектлари танлов асосида бевосита жойида ўрганилганда 500 дан зиёд маданий мерос мерос объектларидан фойдаланишда қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилгани аниқланди.

Хусусан, 11 та археология мероси объектига 6 млрд сўмга яқин зарарлар етказилганлиги аниқланиб, жиноят иши қўзғатилди.

Шунингдек, Қарши туманида жойлашган V-VIII асрларга оид «Дўнгтепа», «Номсизтепа» ва «Авлиётепа» археология мероси объектлари қисман бузилиши оқибатида объектларга 1 млрд 488 млн сўмлик зарар етказилган.

«Ўрганишда маданий мерос объектларига ноқонуний ўрнатилган 5 та ташқи реклама баннерлари олиб ташланиши, ижара шартномаси тузмасдан маданий мерос объектидан фойдаланиб келаётган 10 нафар тадбиркорнинг фаолияти қонунийлаштирилиши, 11 та маданий мерос объектларидаги ноқонуний қурилмалар бузиб ташланиши таъминланди», — дейилади хабарда.

Ҳолатлар юзасидан 37 нафар шахслар маъмурий жавобгарликка тортилди ва судларга 7 та ариза киритилди.