Ўзбекистон бош вазири матбуот хизматининг ходими Бекзод Хидоятов ҳиндистонлик тадбиркор Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевни шантаж қилишда айблагани айтилган хабарларга муносабат билдирди.
Унинг ёзишича, ҳиндистонлик инвестор масалани бир томонлама ёритган. Қайд этилишича, шартномага мувофиқ, у инвестиция киритиши керак бўлган. Президент фармонида энг яхши таклифни танлаш орқали аниқланадиган, қиймати камида 10 миллион доллар эквивалентида (ер майдони ҳажмига кўра ортиб боради) бўлган йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун лойиҳа қийматининг камида 10 фоизига тенг маблағ аввалдан махсус ҳисобрақамга жойлаштирилганда Вазирлар Маҳкамаси ер участкаларини тўғридан-тўғри ижарага беришга ҳақли экани белгилаб қўйилган.
«Доимгидек, кўплаб маҳаллий нашрлар масалани бир ёқлама ёритгани учун тушунмовчиликлар вужудга келяпти. Ҳолат юзасидан тегишлилиги бўйича батафсил расмий муносабат билдирилади.
Барча оммавий ахборот воситаларини Бош прокуратураси томонидан ушбу ҳолатни қонуний асосда ўрганиб чиқилгунга қадар, асоссиз маълумотларни тарқатмасликка чақирамиз. Масалани бир томонлама ёритиб, инвестор томонидан айблов илгари сурилган расмий шахсларнинг нуқтаи назарини ҳам тақдим этишга тайёрлигини билдирган нашр бу билан ўзининг профессионалликдан йироқлигини билдириб қўйди. Афсус!», — деб ёзади Хидоятов.
Аввалроқ Minerva City асосчиси Мурали Лал Жалан 2021 йил март ойида Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев уни ҳокимлик биносига чақириб, лойиҳаларидан бирини (Lake City’ни) амалга оширишдан расман воз кечишга ёки 100 миллион долларни депозит сифатида банкка жойлаштиришни айтганини маълум қилганди.