Эронда ноодатий афв эълон қилинди

Эронда миллий терма жамоанинг Қатардаги жаҳон чемпионатида Уэлс устидан қозонилган ғалабаси шарафига 700 га яқин маҳбус қамоқхоналардан озод этилди.

Бу ҳақда Эроннинг ISNA агентлиги хабар бермоқда.

Мамлакатнинг 12 вилоятида жами 709 киши, жумладан, Теҳрондаги қамоқхоналардан 195 киши озод этилган. Aмнистияга тушганлар орасида мамлакатдаги оммавий намойишлар чоғида ҳибсга олинганлар ҳам бор. Қайд этилишича, амнистия “жамоанинг ғурурли ғалабасидан сўнг” эълон қилинган.

25 ноябр куни Эрон терма жамоаси Қатарда бўлиб ўтаётган жаҳон чемпионати гуруҳ босқичида Уелсни 2:0 ҳисобида мағлуб этди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон терма жамоаси футболчиларининг оилалари AҚШ билан ўйин олдидан расмийлар томонидан босимга учрагани ҳақида хабар берилганди.

Футболчиларнинг ўзи “тўғри” ҳаракат қилмаса, қамоқ жазоси ва қийноқлар билан таҳдид қилинмоқда.