2020 йилда Беларусдаги норозилик намойишларининг энг таниқли шахсларидан бирига айланган ва улар туфайли судланган Мария Колесникова реанимацияга ётқизилди. Бу ҳақда 29 ноябр куни Колесникова адвокатига таяниб, сиёсатчи Виктор Бабарико штаби маълум қилди. Мария 2020 йилда ушбу штаб аъзоси эди.
Штаб маълумотларига кўра, 28 ноябр куни Колесникова Гомелдаги аёллар колониясидан «жарроҳлик патологияси» билан шаҳар тез тиббий ёрдам шифохонасига олиб кетилган. У операция қилиниб, реанимация бўлимига ётқизилган. «Ҳозир унинг аҳволи барқарор оғир, бироқ, яхшиланиш кузатилмоқда», деб ёзди 29 ноябр куни штаб.
Шифокорларнинг айтишича, операция муваффақиятли ўтган, Колесникова ҳушида. Аммо отасига уни кўришга рухсат йўқ. Шунингдек, адвокат ҳам 17 ноябрдан буён Колесникова билан кўриша олмаяпти.
Мариянинг қачон касал бўлгани номаълум, аммо у оғир аҳволда шифохонага ётқизилган. Шифокорларнинг сўзларига кўра, операция муваффақиятли ўтган, Мариянинг аҳволи ҳамон оғир, аммо у гўёки ҳушида ва керакли муолажаларни олмоқда. Унинг отаси Александр Колесников шифохонага борган, лекин худди адвокати каби унга бемор олдига киришга рухсат берилмаган. Отанинг шифокорлар билан мулоқоти Ички ишлар вазирлиги ходимлари иштирокида бўлиб ўтди, деб хабар берди Бабарико штаби.
Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, Колесникованинг ошқозон ёки ичак яраси тешилган. Шу билан бирга, тиббиёт ходимлари унинг ташхисини ҳатто отасига ҳам айтишдан бош тортмоқда. Бунинг учун, гўёки, Мариянинг рухсати керак. Отанинг шифокорлар билан мулоқоти Ички ишлар вазирлиги ходимлари иштирокида амалга оширилган. Колесниковани уч ходим қўриқлаяпти: бири қуролланган ва палата эшиги ёнида, яна иккитаси ичкарида. Бабарико штаб-квартирасининг хабар беришича, 30 ноябр куни Мария реанимация бўлимидан жарроҳлик бўлимига ўтказилиши кутилаётган эди, бироқ ҳалигача ўтказилмаган.
Шифохонага ётқизилишидан олдин Колесникова қамоқхонадаги жарима изоляторида бўлган. Ноябр ойининг биринчи ярмида колония маъмурияти унга нисбатан қўпол муомалада бўлгани ва «иш вақтида керакли жойда бўлмагани» учун жазо қўллаган. Колесникованинг қачон ва қанча вақтга изоляторга жойлаштирилгани номаълум. Адвокатга бир неча бор Мария билан учрашишга рухсат берилмаган. Шу боисдан у тегишли жойларга шикоят қилган ва мижозининг соғлиғидан хавотирда эканини билдирган. Аммо мурожаатларига жавоб олмаган.
Мария Колесникова — профессионал мусиқачи ва маданий лойиҳалар ташкилотчиси, 2020 йилда Беларус президенти сайловида ўз номзодини қўйган банкир Виктор Бабарико штаби аъзоси бўлган эди.
Колесникова Бабарико штаби «юзи» эди ва банкир ҳибсга олингандан сўнг, Светлана Тихановскаянинг бирлашган сайловолди штаби раҳбарларидан бирига айланди. Икки етакчи – Тихановскаянинг ўзи ва Лукашенконинг яна бир рақибининг хотини Вероника Тсепкало 9 август куни бўлиб ўтган президентлик сайловидан кейин Беларусни тарк этишга мажбур бўлди. Аммо Колесникова Беларусда қолди ва мамлакатда бошланган норозилик намойишларининг энг таниқли раҳбарларидан бири бўлди.
2020 йил сентябр ойида Беларус хавфсизлик кучлари Колесниковани мамлакатдан мажбуран депортация қилишга уринди. Бироқ у ўз паспортини йиртиб ташлади. Кейинчалик, расмий Минск унинг Украинага кетмоқчи бўлганида қўлга олингани ҳақида хабар берди. Шундан кейин Мария қўйиб юборилмади.
Унга ҳокимиятни эгаллаб олишга уриниш ва экстремизм айби қўйилди. 2021 йил сентябрда Беларус суди Колесниковани 11 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди. У кечирим сўраб ариза ёзишдан бир неча марта бош тортди ва ўзининг айбсизлигини айтди.