АҚШ Марказий қўмондонлиги матбуот хизмати ИШИД етакчиси Абу ал-Ҳасан ал-Ҳошимий ал-Қурайиший «Озод Сурия армияси» томонидан ўтказилган операция давомида йўқ қилинганини тасдиқлади.
«Октябрь ойи ўрталарида Абу ал-Ҳасан ал-Ҳошимий ал-Қурайишийнинг ўлими ИШИДга навбатдаги зарба бўлди. Бу операция Суриянинг Дераа вилоятида ‘Озод Сурия армияси’ томонидан амалга оширилди», — дейилади хабарда.
Ал-Ҳасаннинг ўлими ҳақида 30 ноябрь куни кечқурун ИШИД вакилига таяниб Reuters хабар берганди. Унинг ўрнини Абу ал-Ҳусайн ал-Ҳусайний ал-Қурайший эгаллаган.
Ал-Ҳасан 2021 йилнинг февраль ойида террор ташкилотнинг сўнгги раҳбари Абу Иброҳим ал-Ҳошимий ал-Қурайишининг ўлимидан сўнг ИШИДга раҳбарлик қилган. Ал-Ҳошимий АҚШ ҳарбийлари томонидан Сурия шимоли-ғарбида ўтказилган махсус операция давомида йўқ қилинганди.
«Ал-Арабия» нашрининг ёзишича, Абу ал-Ҳасан ал-Ҳошимий Сурия ва Ироқдаги ИШИД назорати остидаги ҳудудларда таълим билан шуғуллангани учун «ИШИД профессори» лақабини олган. Reuters агентлиги Ироқ ва Ғарб хавфсизлик хизматларидаги манбаларга таяниб, ал-Ҳасан 2019 йилда ўлдирилган ИШИД етакчиси Абу Бакр ал-Бағдодийнинг укаси эканини маълум қилди.
«Озод Сурия армияси» 2011 йилнинг ёзида президент Башар ал-Ассад бошчилигидаги ҳукуматга қарши бўлган Сурия армияси офицерлари гуруҳи томонидан тузилган. Ҳозир ОСА кичик маҳаллий ташкилотлардан иборат ва ягона қўмондонлик марказига эга эмас. Коалиция АҚШ ва Саудия Арабистони томонидан қўллаб-қувватланади.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.