Соғлиқни сақлаш вазирлиги Covid-19’нинг янги варианти болалар ва ҳомиладорларда қандай белгилар билан кузатилаётгани ҳақида маълумот берди.
Зангиота 1-сон юқумли касалликлар шифохонаси директори ўринбосари Ҳилола Алимова болалар ва ҳомиладор аёлларда янги мутацияга чалиниш эҳтимоли юқорилигини маълум қилди.
«Ўн саккиз ёшгача бўлган аҳоли қатлами ҳамда ҳомиладор аёлларнинг иммун тизими нисбатан суст бўлади. Шу боис уларнинг юқумли касалликлар, жумладан, коронавирусга чалиниш эҳтимоли юқори.», — дейди у.
Қайд этилишича, хасталик белгиларига ВА.5 субварианти аломатлари аввалги ВА.2 версияси симптомлари билан деярли бир хил кечмоқда. Хусусан, болалар ва ҳомиладор аёлларда тумов, томоқда оғриқ ва қизариш, ЎРВИ, қолаверса, 3-5 фоиз ҳолатларда аллергияга мойиллиги бор беморларда диарея ҳамда обструкция (бўғилиш хуружи) белгилари кузатиляпти.
Шунингдек, муддатига етган, учинчи 3 ойликдан юқори муддатдаги ҳомиладорларда (30 ҳафтадан юқори муддат) хасталик чоғида ҳомила сувининг сезиларли миқдорда камайиши ва лойқаланиши юзага келади.
«Бундай аёлларда коронавирус юқори ҳарорат, бош ва мушакларда оғриқ, ҳолсизлик, уйқучанлик, ринит ва тонзиллит белгилари билан намоён бўлмоқда. Қолаверса, баъзи беморларни кучли йўтал, кўкрак қафасида оғриқ безовта қиляпти», — дейилади хабарда.
Бундан ташқари, фон касалликлари бор беморлар, тутқаноқ хасталиги мавжуд болалар, кардиологик муаммолардан азият чекаётган аёллар ва ўғил-қизларда коронавирус нисбатан оғирроқ кечмоқда.