Ўзбекистонда ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши ва қор ёғиши туфайли табиий газ истеъмоли ҳажми сезиларли даражада ошган. 4 декабрь кунига қадар 3,9 миллиондан ортиқ истеъмолчига 68 миллион метр/куб табиий газ етказиб берилди. Бу ҳақда «Ҳудудгазтаъминот» АЖ матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, табиий газ 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 21 фоизга кўп етказиб берилган. Шунга қарамай, 516 та маҳаллада ёки 79 минг истеъмолчида газ босимининг пасайиши кузатилган, 14 мингида эса газ таъминоти вақтинча тўхтатилган.
Аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини газ билан таъминлаш учун «Ҳудудгазтаъминот»га 10 мингдан ортиқ соҳа ходимлари жалб этилган бўлиб, улар муаммоларни ҳал этиш учун барча саъй-ҳаракатларини амалга оширмоқда. Хусусан, «Бинокор» ва «Бектемир» газ тақсимлаш шохобчаларида ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш бўйича ишлар олиб бормоқда. Бу пойтахтнинг Чилонзор, Учтепа, Шайхонтоҳур, Яккасарой, Миробод ва Сергели туманларида табиий газ таъминотини нормаллаштириш имконини беради.
Шунингдек, «Ўзтрансгаз» мутахассислари билан биргаликда Янгийўл тумани аҳолисини газ билан таъминлаш масалалари ҳал этилмоқда. Тошкетндаги газ қуйиш шохобчаларининг ишлаш жадвалига ўзгартиришлар киритилган, жамоат ва бошқа ижтимоий аҳамиятга эга транспорт воситаларига газ сутканинг тунги вақтида қуйилмоқда.
Аввалроқ Тошкентдаги «заправка»ларда жамоат транспорти учун алоҳида йўлаклар ташкил этилгани, Ўзбекистонда газ «заправка»ларга табиий газ етказиб бериш бутунлай тўхтатилаётгани, Тошкентдаги газ қуйиш шохобчалари вақтинча ёпилгани тўғрисида хабар берилганди.