Япониянинг Ўзбекистондаги янги элчиси тайинланди

Янги тайинланган элчи Такаши Хатори Ўзбекистон ТИВ раҳбари Владимир Норовга ишонч ёрлиқлари нусхаларини топширди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Матбуот хизматининг хабар қилишича, 2022 йил 5 декабрь куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Владимир Норов Япониянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси этиб тайинланган Такаши Хаторини қабул қилди.

Учрашув Элчининг ишонч ёрлиқлари нусхаларини топшириш маросими билан бошланди. Суҳбат чоғида Ўзбекистон-Япония стратегик шериклик муносабатлари ва кўп қиррали ҳамкорлигини янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Бўлажак қўшма тадбирлар жадвали ва ташкилий жиҳатлари, жумладан, «Марказий Осиё + Япония» мулоқоти йиғилиши ўтказиш масалалари кўриб чиқилди.

Томонлар савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш ва икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги муносабатларни фаоллаштиришдан манфаатдор эканликларини билдирдилар.