Ҳиндистоннинг Ҳайдаробод шаҳрида кредит ёки дебет пластик карталаридаги пул билан олтин тангаларни сотиб олишга имкон берувчи банкомат фойдаланишга туширилди. Бу ҳақда “The Economic Times” нашри хабар берди.
Қурилма орқали олтин сотишнинг инновацион технологияси ишлаб чиқилган. Банкоматда 5 кг 24 каратли олтин тангалар сақланади ва бу саккиз хил усулда 0,5 грамдан 100 грамгача сотиб олиш имконини беради.
Маълум бўлишича, банкоматда ишончли ўғриликка қарши тизим мавжуд. У видеокамера, овозли сигнал билан жиҳозланган ва полиция алоқа линиясига эга.
Банкоматни ишлаб чиқарган компания вакилларининг сўзларига кўра, қурилма барчага банк ёки заргарлик дўконларига бормасдан, молиявий йўқотишлардан қочиб, олтинга сармоя киритиш учун қулай имконият яратади.
Фаолиятининг биринчи куниданоқ инновацион банкомат 20 нафар мижозга хизмат кўрсатган. Келажакда Ҳиндистонда 3 мингта шундай банкомат ўрнатилиши ва бу маҳсулотнинг жаҳон бозорига чиқиши режалаштирилмоқда.