Бугун, 7 декабрь куни Хитой COVID’нинг енгил асоратлари аниқланган беморларга уйда қолиб даволанишга рухсат берди. Бу мамлакатда юз берган норозилик намойишлари фонида COVID’га қарши сиёсатда катта ўзгариш бўлганини кўрсатади. Бу ҳақда “Reuters” агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, хитойликлар минтақалараро саёҳатда CОVID’га қарши салбий тестни кўрсатиши шартлиги тўғрисидаги талаб ҳам олиб ташланган. Бу эса 2019 йилдан бери коронавирус чекловлари ичида яшаб келаётган Хитой иқтисодиётининг қайта очилаётганини билдириши мумкин.
“Сиёсатнинг бундай ўзгариши олдинга қўйилган катта қадамдир. Мен Хитой ўз чегарасини 2023 йил ўрталаридан кечиктирмай тўлиқ қайта очади, деб умид қиламан”, дейди “Pinpoint Asset Management”нинг бош иқтисодчиси Чжан Чживэй.
Жорий йилнинг ноябрь ойи охирида Хитой шаҳарлари бўйлаб, қаттиқ COVID сиёсатига қарши норозиликлар намойишлари ўтказилди. Бу Си Цзиньпин 2012 йилда ҳокимиятга келганидан бери энг катта норозилик намойиши эди. Ушбу намойишлар полициянинг иштирокида бир неча кун давом этди.
CОVID чекловлари енгиллашгач, хитойликлар профилактика дори-дармонларини сотиб олишга шошила бошлади. Айниқса, эмланмаган қариялар ўзини коронавирусдан ҳимоясиз ҳис қилади. Дори-дармонларга бўлган талабнинг кескин ошиши натижасида нарх-наво жуда юқорилаб кетган. Одамлардан дорини оқилона ва эҳтиёжларига қараб, харид қилиш сўралган.
Эслатиб ўтамиз, Хитойдаги норозилик намойишлари Шинжон-Уйғур мухтор вилоятининг Урумчи шаҳридаги турар-жой биносида содир бўлган ёнғиндан кейин бошланган эди. 24 ноябрь оқшомида содир бўлган ёнғин оқибатида камида ўн киши ҳалок бўлган, яна тўққиз киши жароҳатланган. Гувоҳларнинг қайд этишича, чеклов чоралари туфайли хонадонларнинг эшиклари тўсиб қўйилганлиги оқибатида одамлар ёнғиндан қочиб қутула олмаган. Хитой ҳукумати эса бу маълумотни рад этган.