Фарғонадаги мактаблардан бирида кучли портлаш содир бўлди

Ижтимоий тармоқларда Фарғонадаги мактаблардан бирида кучли портлаш содир бўлганлиги тўғрисидаги маълумот тарқалди. 

6 декабрь куни соат 11:30 да Фарғона шаҳридаги 41-мактаб ва 63- боғчанинг умумий иситиш козонхонасида ёрилиш содир бўлганлиги тўғрисида вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармасига хабар келиб тушган.

Шунга кўра, воқеа жойига Фарғона шаҳар ФВ бўлими, «Ҳудудгаз Фарғона» газ таъминоти, «Ҳудудий электр тармоқлари» ҳамда соҳавий хизматлар ходимлари чиқиб, вазият ўрганилган.

Дастлабки ўрганиш натижаларига кўра, иситиш козонхонасида технологик жараённинг бузилиши оқибатида козонда ички босим ортиб кетган ва ёрилиш содир бўлган. Оқибатда козонхона биноси енгил шикастланган шуни такидлаб ўтишимиз керак воқеа натижасида ёнғин кайд этилмаган.

Вазият натижасида тан жароҳати олганлар ёки вафот этганлар йўқ.

Айни вақтда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан воқеа сабаблари ва зарар миқдори ўрганилмоқда.

«Эслатиб ўтамиз, ижтимоий тармоқларда гўёки соҳавий хизматлардан бирининг вакиллари томонидан ушбу воқеа ҳақида гувоҳлардан ошкор қилмаслик тўғрисида тилхат олингани ҳақида маълумот тарқалган. Шу муносабат билан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари томонидан бундай ҳаракатлар амалга оширилмаганини расман маълум қиламиз», дейилади ФВВ хабарида.