Тошкентда «Илҳом» театри ёниб кетди

Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманида жойлашган «Илҳом» театри биносида ёнғин содир бўлди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 12 декабрь куни соат 03:34 да Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани «Ўрда» МФЙ Пахтакор кўчасида жойлашган «Илҳом» театри биносида ёнғин содир бўлаётгани тўғрисида шаҳар ФВБга хабар келиб тушган.

Шунга кўра, 4 та ёнғин-қутқарув экипажи соат 03:39 да воқеа жойига етиб бориб, ёнғин соат 03:58 да қуршаб олинган ва соат 04:00 да ўчирилган.

Ёнғин оқибатида театр биносининг 1-қават холлининг 80 квадрат метр майдонида ички қисми ва жиҳозлари ёниб зарарланган. Тезкор ҳаракатлар сабабли ёнғиндан бинонинг 600 квадрат метр майдони сақлаб қолинган.

Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар йўқ. Ҳозирда ёнғин сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда.