Беларусда армиянинг жанговар тайёргарлигини тўсатдан текшириш бошланди

Беларусь Мудофаа вазирлиги 13 декабрь куни республика Қуролли кучларининг жанговар тайёргарлиги бўйича кутилмаган текширув эълон қилди. Текширув Александр Лукашенконинг кўрсатмаси билан бошланган.

Вазирлик матбуот хизмати хабарига кўра, текширув доирасида «қўшинлар имкон қадар тезроқ шартли ҳудудларда олдинга силжиши, муҳандислик жиҳозларини ишга тушириши, қўриқлаш ва мудофаани ташкиллаштириши, Неман ва Березина дарёлари орқали кўприкли кечув жойларини қуриши керак бўлади».

Урушни ўрганиш бўйича Америка институти (ISW) 11 декабрь кунги ҳисоботида Россия Беларусда доимий ҳарбий база ўрнатишга интилаётгани ва Минскни Украинадаги ҳужумкор ҳаракатларни қўллаб-қувватлашга мажбурлаш мақсадида «ахборот кампаниялари» ўтказаётгани ҳақида хабар берганди. Бироқ, экспертларнинг фикрига кўра, «мамлакат ичидаги ички динамика туфайли» яқин келажакда Беларуснинг Украинага бостириб кириши даргумон.

Украина Қуролли кучлари Бош штабининг 13 декабрдаги тонгги ҳисоботида айтилишича, украиналик ҳарбийлар Беларусдан ҳужумчи гуруҳ тузилгани бўйича ҳеч қандай белгилар кўрмаяпти. Шу билан бирга, «Беларусский гаюн» мониторинг гуруҳи россиялик ҳарбийлар Беларусдаги техникаларини Украина чегараларига яқинлаштираётгани ҳақида хабар берган.