Расул Кушербаев блогер Олимжон Ҳайдаровнинг 21 млн сўм жаримага тортилгани бўйича муносабат билдирди

Фарғонадаги заводнинг газдан узилишига норозилик билдирган ишчилар ҳақидаги видеоларни ижтимоий тармоқлар орқали тарқатган блогер Олимжон Ҳайдаров 21 миллион сўм жаримага тортилгани тўғрисида хабар берилганди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев суднинг бу бўйича қарорига эътироз билдирди.

Суд фуқаро, блогер Олимжон Ҳайдаровни «йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартиби»ни бузган, деб топиб, бунинг учун унга жазо белгилаган.

«Шахсан мен шу кунга қадар ‘йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартиби’ни кўрмадим ҳам ўқимадим ҳам. Қидириб ҳам тополмаяпман. Ички ишлар вазирлиги масъулларидан ҳам сўрадим, йўқ экан.

Суддан илтимос қиламиз: бошқалар ҳам тартибни бузиб қўймаслиги учун ўша ўзларига маълум ‘йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартиби’ни бизларга ҳам маълум қилиб, тушунтириб беришсин. Агарки тартибни бузган, деб топибдими, демак бу тартиб судга маълум. Шу боис, Олий суддан жавоб кутамиз», — деб ёзади Кушербаев.