Ўзбекистонда Ахборот кодекси лойиҳаси ишлаб чиқилди

Ушбу кодекс 131 та моддадан иборат бўлиб, ахборотлаштириш, ахборот ресурслари ва ахборот тизимларидан фойдаланиш, ахборотни эркин ва монеликсиз излаш, олиш, тадқиқ этиш, узатиш ҳамда тарқатишга доир конституциявий ҳуқуқни амалга ошириш жараёнида юзага келадиган, шунингдек ахборотнинг муҳофаза қилинишини ҳамда шахс, жамият вадавлатнинг ахборот борасидаги хавфсизлигини, ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солади.

Кодексда бир қатор тушунчаларга, хусусан, блогерларга таъриф берилган.

Унга кўра, блогер — Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ўз веб-сайтига ва (ёки) веб-сайт саҳифасига ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган, ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа хусусиятга эга ахборотни жойлаштирувчи, шу жумладан ахборотдан фойдаланувчилар томонидан ушбу ахборотни муҳокама қилиш учун жойлаштирувчи жисмоний шахс.

Веб-сайтнинг ва (ёки) веб-сайт саҳифасининг ёхуд бошқа ахборот ресурсининг эгаси, шу жумладан блогер ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборот жойлаштириладиган Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ўз веб-сайтидан ва (ёки) веб-сайт саҳифасидан ёхуд бошқа ахборот ресурсидан:

Ўзбекистоннинг мавжуд конституциявий тузумини, ҳудудий яхлитлигини зўрлик билан ўзгартиришга даъват этиш;
оммавий тартибсизликларга, фуқароларга нисбатан зўравонлик қилишга, шунингдек белгиланган тартибни бузган ҳолда ўтказиладиган йиғилишлар, митингларда, кўча юришларида ва намойишларда иштирок этишга даъват қилиш, шунингдек мазкур ноқонуний ҳаракатларни мувофиқлаштириш;
жамоат тартибига ёки хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон ахборот тарқатиш;
уруш, зўравонлик ва терроризмни, шунингдек диний экстремизм, сепаратизм ва фундаментализм ғояларини тарғиб қилиш;
давлат сирларини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларни ошкор этиш;
миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатувчи, шунингдек фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматига ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи, уларнинг шахсий ҳаётига аралашишга йўл қўювчи ахборотни тарқатиш;
жамиятга, давлатга, давлат рамзларига ҳурматсизликни намоён этувчи, шу жумладан беодоблик билан ифодаланган ахборотни тарқатиш;
гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни ва прекурсорларни тарғиб қилиш;
порнографияни, зўравонликни ва шафқатсизлик, бир жинслилар ўртасидаги ғайритабиий алоқаларни тарғиб қилиш, шунингдек ўз жонига қасд қилишга даъват этиш;
фуқароларни, шу жумладан вояга етмаган шахсларни уларнинг ҳаётига ва (ёки) соғлиғига ёхуд ўзга шахсларнинг ҳаётига ва (ёки) соғлиғига таҳдид солувчи ғайриҳуқуқий ҳаракатларни содир этишга ундашга ёки бошқа тарзда жалб қилишга қаратилган ахборотни тарқатиш;
қонунга мувофиқ жиноий ва бошқа жавобгарликка сабаб бўладиган ўзга ҳаракатларни содир этиш мақсадларида фойдаланилишига йўл қўймаслиги шарт.
веб-сайтэгасиблогерахборот тўғрилигини текширишинотўғрилиги аниқланган тақдирда, уни дарҳол ўчириб ташлаши шарт
Бу талаб веб-сайт саҳифаси ёхуд бошқа ахборот ресурсининг эгаси, шу жумладан блогер томонидан бажарилмаган тақдирда мазкур веб-сайтдан ва (ёки) веб-сайт саҳифасидан ёхуд бошқа ахборот ресурсидан фойдаланиш Вазирлар Маҳкамаси белгилаган тартибда чекланиши мумкин.

Кодекс лойиҳасида белгиланишича, Ўзбекистонда ОАВларни цензура қилишга йўл қўйилмайди.

Давлат органлари, мулкчилик ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъий назар бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар томонидан ОАВ маҳсулотлари, хабарлар ва материаллари ёки уларнинг қисмларини тарқатишни чеклаш, тақиқлаш, шу жумладан хабарлар ва материаллар матнини ўзгартириш мақсадида ОАВ билан олдиндан келишиш (мансабдор шахснинг ўзи муаллиф бўлган материал ва унинг интервьюсидан ташқари) ёхуд ОАВни ўз талабини бажаришга мажбурлаш тақиқланади.

Тасдиқланиши кутилаётган Ахборот кодекси 10 га яқин ҳужжатнинг жамланмаси бўлиб, у қабул қилингач, давлат бошқаруви органлари ушбу кодексга зид бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқиши ва бекор қилиши лозим.