КХДРда жосус сунъий йўлдош яратилмоқда

Шимолий Корея 18 декабрь, якшанба куни ҳарбий разведкачи сунъий йўлдошни ишлаб чиқиш доирасида «муҳим синовлар»ни амалга оширган. Бу ҳақда Корея Марказий телеграф агентлиги хабар берди. Пхеньян бортида синов қурилмаси бўлган элтувчи ракетани қарийб 500 км баландликка учирган.

Агентлик КХДР Аэрокосмик технологиялар қўмитаси вакилининг гапларини келтириб ўтган, унга кўра, синовлардан мақсад «сунъий йўлдошдан тасвирга олиш олиш тизимлари имкониятларини баҳолаш»дан иборат бўлган. Мутахассислар қурилманинг коинот шароитида ишлаганини, унинг бошқарув марказига маълумотлар узатиш имкониятларини ва бошқа параментрларини тасдиқлаган.

Мансабдор айтишича, Пхеньян илк ҳарбий разведкачи сунъий йўлдошини парвозга тайёрлаш жараёнини 2023 йил апрелига келиб якунлайди.

Жанубий Кореянинг Yonhap агентлиги хабарига кўра, синовлар КХДР шимоли-ғарбидаги Сохэ полигонида бўлиб ўтган.

18 декабрь куни Шимолий Корея Япон денгизи томон номаълум баллистик ракетани учиргани ҳақида Жанубий Корея ва Япония ОАВлари хабар берганди. Япония қирғоқ қўриқлаш бошқармаси тахминан ярим соатдан кейин иккинчи баллистик ракета учирилганини маълум қилди. Иккала ракета ҳам Япониянинг эксклюзив иқтисодий зонасидан ташқарига қулаган.

16 декабрь куни эса Шимолий Корея «янги турдаги стратегик қурол тизими» учун «катта тортиш кучига эга қаттиқ ёнилғили двигатель»ни муваффақиятли равишда синовдан ўтказди. КМТА маълумотларига кўра, синовга Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин раҳбарлик қилган. У «энг қисқа муддатларда янги турдаги яна битта стратегик қурол яратилиши»га умид билдирди.