Автомашина гарови эвазига қарз олган мижоз пиёда қолади…

Э.Нарзуллоев исмли шахс автомашина гарови асосида “Betta Gamma Invest” микромолия ташкилотидан 16.12.2021 йилда микроқарз шартномаси асосан 40 млн. сўм микроқарз олган.


Бироқ, шартнома бўйича ўз мажбуриятларини бажармай, олинган қарз ва фоизларини ўз вақтида қайтармаган. Зарар кўрган микромолия ташкилоти эса тегишли тартибда мурожаат қилган.


Бухоро шаҳрида хусусий амалиёт билан шуғилланувчи нотариус А.Яровнинг 09.12.2022 йилдаги ижро хатига асосан “Betta Gamma Invest” микромолия ташкилоти МЧЖ фойдасига қарздор Э.Нарзуллоевдан жами 28,1 млн. сўм қарз ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати Бюронинг Бухоро туман бўлими иш юритувига келиб тушган.
Бўлим давлат ижрочиси томонидан шу куни ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисида қарор қабул қилиниб, қарор нусхаси тарафларга юборилган ва қарздорга 3 кун ихтиёрий муддат берилган.


Ихтиёрий муддат давомида қарздорлик бартараф қилинмаганлиги сабабли, давлат ижрочисининг қарорига асосан гаров сифатида қўйилган 2016 йилда ишлаб чиқарилган қарздор Э.Нарзуллоев тегишли “Gentra” русумли автотранспорт воситасига нисбатан Қонуннинг 42-моддасига асосан қидирув эълон қилиниб, ижросини таъминлаш Бюронинг қидирув ходимларига юклатилган.

Бюронинг қидирув ходимлари томонидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида қарздорга тегишли “Gentra” автомашинаси Бухоро шаҳрида ҳаракатланиб юрганлиги ҳақида тезкор маълумотлар олиниб, жорий йилнинг 17 декабрь куни ўтказилган тадбир давомида автомашина тегишли тартибда жарима майдончасига жойлаштирилган.


Қарздорлик белгиланган муддат давомида бартараф қилинмаган тақдирда, мазкур автомашина баҳоланиб, “E-auksion” электрон савдо майдончаси орқали савдога чиқарилиши ҳақида қарздор белгиланган тартибда огоҳлантирилган.