Буэнос-Айрес якшанба кунидан бери ғалабани нишонламоқда: минглаб одамлар шаҳар марказида 1986 йилдан бери яна қўлга киритилган жаҳон чемпиони унвонини нишонлаш учун йиғилишган. Улар «биз ҳар куни чемпион бўлмаймиз» дея байрам қилишда давом этишмоқда.
Финалдан сўнг Аргентина пойтахтидан олинган видео ҳайратда қолдирди: кўчалар миллий терма жамоа либосидаги одамлар билан гавжум эди. Месси ва Марадона тасвири туширилган плакатлар ҳавода кўтарилди, замонавий дунё ҳеч қачон бундай миқёсдаги байрамни кўрмаган.
Терма жамоа сешанба куни эрталаб соат иккида Буэнос-Айресга қўнди ва дарҳол автобусда шаҳар марказига йўл олди. Бу вақтда миллиондан ортиқ одам кўчаларда тўпланганди.
Кун давомида ҳеч ким кўчаларни тарк этмади — оломон байрам қилишни давом эттирди ва одамлар тобора кўпроқ тўпланишда давом этди. Куннинг ярмига келиб уларнинг сони беш миллионга етди ва шу ерда ҳақиқий ақлдан озиш бошланди!
Деворларга, кўприкларга, устунларга чиқиб олганлар ўз ҳаётига таҳдидни ўйлашмади. Улардан бир нечтаси йиқилди ҳам.
Ҳолат шу даражага етдики, футболчиларни назоратдан чиқиб кетган ушбу оломондан эвакуация қилишга тўғри келди.
«Дастлаб жамоа барча мухлислар йиғилган Буэнос-Айресдаги энг гавжум жойга бормоқчи эди, — дейди журналист Мариано. — Лекин автобус юра олмади, шунинг учун маршрутни ўзгартиришга мажбур бўлишди. Айланиб ўтишга қарор қилинди. Аммо бу ҳам иш бермади, чунки кўчаларда одамлар жуда кўп эди. Автобус шунчаки юра олмади. Натижада улар футболчиларни вертолётда олиб кетишга қарор қилишди. Улар президент қабулига таклиф қилинган, бироқ федерация сиёсий аралашувга йўл қўймаслик учун ташрифдан бош тортган. Бундан ташқари, АФА президенти ва Аргентина раҳбари ўртасидаги муносабатлар унчалик яхши эмас».
Буэнос-Айресда яна қандай кўнгилсизликлар бўлгани ҳозирча аниқ эмас.
Бу — финалда ғалаба қозонишдан кўра, мағлуб бўлиш хавфсизроқ бўлган дунёдаги ягона мамлакатга ўхшайди.