Одам папиллома вирусининг 200 дан ортиқ тури мавжуд бўлиб, шундан 13 таси онкологик касалликларга сабаб бўлади. Хусусан, вирусга қарши ўз вақтида вакцина олинмаса, 16 ва 18-типлари бачадон бўйни саратонини келтириб чиқариши исботланган.
Бироқ мутахассислар дунё бўйича мазкур хавфли касалликка қарши эмлаш қамрови пасайиб кетганидан хавотирда. Хусусан, 2019-2021 йилларда вакцина олганлар сони 15-25 фоизга камайган. Яъни 3,5 миллион нафар қиз эмлаш жараёнидан четда қолган.
Шу боис Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти одам папиллома вирусига қарши эмлаш бўйича тавсияларини янгилади. Ундан қуйидаги кўрсатмалар ўрин олган:
9-14 ёшли қизлар вакцинанинг биринчи ёки иккинчи дозасини қабул қилиши лозим;
15-20 ёшли хотин-қизлар бир ёки икки босқичда эмланиши керак;
21 ёшдан ошган аёллар 6 ойлик оралиқ билан икки дозада вакцина олиши зарур.
Шунингдек, ЖССТ экспертлари иммунитети заиф, ОИВ инфекциясидан азият чекадиган опа-сингилларимиз биринчи навбатда эмланиши шарт, деган хулосада. Улар хасталикка қарши вакцинанинг камида икки, имкони бўлса, уч дозасини қабул қилишлари лозим.