Россия президенти Владимир Путин, унинг фикрича, россияликларнинг катта қисми ўз мамлакати учун «ҳамма нарсадан воз кечишга» тайёрлигини айтди. Бу ҳақда президент «Россия 1» телеканалида «Москва. Кремль. Путин» дастури бошловчисининг уруш пайтида Путинни нима ҳайратда қолдиргани ҳақидаги саволига жавобан гапирди.
Кимдир ўзини ҳақиқий ватанпарварлардек тутмагани учун ажабланишнинг кераги йўқ. Чунки ҳар қандай жамиятда, авваламбор, шахсий манфаатини, қандайдир шахсий режаларини ўйлайдиган одамлар бор. Ростини айтсам, мен уларни айбламайман. Ҳар бир инсон танлаш ҳуқуқига эга.
Лекин асосий қисмга келсак, 99,9 фоиз фуқароларимиз, халқимиз ватан манфаати йўлида ҳамма нарсадан кечишга тайёр, бу ерда мен учун ғайриоддий нарса йўқ. Бу мени Россия ўзгача давлат эканига яна бир бор ишонтирди. Одамларимиз ҳам ўзгача. Бу Россиянинг бутун тарихи давомида тасдиқланган ва бугунги кунда яна бир бор тасдиғини топмоқда, — деди Путин.
Ўша интервью давомида Путин Украинадаги урушдан мақсад рус халқини бирлаштириш эканини айтган. Унинг даъво қилишича, Россия 2014 йилдаги «давлат тўнтариши»дан кейин Украинада яшовчиларни «ҳимоя қилишга» мажбур бўлган. У Украинадаги уруш замирида «геосиёсий рақибларнинг Россияни, тарихий Россияни ажратиб олишга қаратилган сиёсати» ётганини билдирди.
Декабрь ойи бошида Владимир Путиннинг 10 йилдан бери ҳар декабрда ўтказиб келинаётган катта матбуот анжумани 2022 йилда ўтказилмаслиги маълум бўлди. Британия мудофаа разведкаси матбуот анжумани Россиянинг Украинага бостириб кириши ҳақидаги «рухсатсиз муҳокама» қўрқуви туфайли бекор қилинганини тахмин қилди. Кремль шунингдек, бу йил Путин Федерал Мажлисга йиллик мурожаат билан чиқмаслигини эълон қилди.