Хитойнинг Чжэцзян провинциясида бир суткада 1 миллион кишида коронавирус тасдиқланди, деб хабар беради NPR.
Қайд этилишича, яқин кунларда ушбу ҳудудда коронавирусга чалиниш ҳолатлари икки баробарга ортиши мумкин. Касаллик тарқалишининг энг юқори нуқтаси Янги йилга тўғри келади, кунлик касалланиш ҳолати 2 миллионгача ошади.
Чжэцзян аҳолиси 65,4 миллион кишини ташкил этади. Ҳозирга қадар касалланганларнинг 13 583 нафарида COVID-19 белгилари аниқланган, 242 кишининг аҳволи оғир ва ўта оғир экани айтилмоқда.
Аввалроқ Хитойнинг соғлиқни сақлаш бўйича давлат комиссияси 14 декабрдан бошлаб коронавируснинг белгисиз шакли билан касалланганлар сонини кунлик ҳисоботларда кўрсатмаслиги хабар қилинганди.
Эслатиб ўтамиз, ноябрь охирларида Хитойнинг йирик шаҳарларида мамлакат ҳукумати томонидан олиб борилаётган коронавирус сиёсатига қарши намойишлар бошланганди. Норозилик намойишлари 26 ноябрь куни Урумчидаги (Шинжон-Уйғур автоном вилояти) турар жой биносида содир бўлган ёнғин натижасида камида ўн кишининг ҳалок бўлгани сабабли юзага келган.